Энергия нархларининг ошиши фонида инфляция даражаси ҳам ошади — ХВЖ

Халқаро валюта жамғармаси 2024 йилги маслаҳатлашувлар доирасида Ўзбекистон расмийлари билан Тошкентда бўлиб ўтган муҳокамалар якунлари бўйича ташкилот миссиясининг расмий баёнотини эълон қилди (https://cbu.uz/oz/press_center/news/1698348/).

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати юқорилигича қолмоқда. Пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилгача бўлган давр трендига қайтган бўлса-да, рағбатлантирувчи фискал сиёсат юритилиши, асосий капиталга инвестицияларнинг кескин ўсиши ва хусусий истеъмолнинг фаоллашуви 2023 йилда ЯИМ реал ҳисобда 6 фоиз ўсишига хизмат қилди. 2024 йилнинг биринчи чорагида ўсиш суръати юқори сақланиб қолиб, йиллик ҳисобда 6,2 фоизни ташкил этди.

Реал даромадларнинг барқарор ўсиши ва 2020 йилдан бери ижтимоий ҳимоя тизими кўламини кенгайтириш борасидаги чоралар камбағаллик даражасини 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача пасайишига ёрдам берди. Нисбатан юқори реал асосий ставка ҳамда жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия нархларининг пасайиши туфайли умумий инфляциянинг 2022 йил охиридаги 12,3 фоиздан 2024 йил март ойида 8 фоизгача пасайди.

Машина ва ускуналар импортининг тез суръатда ўсиши, пул ўтказмалари ҳажмининг 2022 йилга нисбатан қисқариши, ташқи қарзлар бўйича фоиз тўловларининг ошиши ва чет эл улуши бор корхоналар даромадларининг репатриация қилиниши каби омиллар таъсирларининг олтин экспортига нисбатан юқори бўлиши тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 2020 йилдаги 3,5 фоиздан 2023 йилда 8,6 фоизгача ошишига сабаб бўлди.

Прогнозларга кўра, инфляция 2024 йил охирига келиб, энергия нархларининг оширилиши таъсирида бироз ошади, аммо қатъий макроиқтисодий ва макропруденциал сиёсат ҳамда таркибий ислоҳотларнинг давом эттирилиши инфляциянинг кейинчалик Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган мақсад кўрсаткич даражасигача пасайишига олиб келади.