Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов «Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилгани ва у парламентда қабул қилиниб, Президент томонидан тасдиқланганидан сўнг, ушбу тизим ишга тушишини маълум қилди.
Аммо, Акмал Бурҳонов бундан салкам икки йил олдин – 2022 йил август ойида ҳам худди шу гапни айтган эди: «Давлат хизматчилари даромадини декларация қилувчи тизим тайёр, қонунни қабул қилиш қолди холос…» Негадир орадан шунча вақт ўтди ҳамки, бу қонундан ҳали-ҳамон дарак йўқ.
Бу ҳақида яхшиси эртага ўйлайман
2022 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ҳамда мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди. Бу Президентнинг 2021 йил 6 июлдаги қарорида кўзда тутилган.
2021 йил август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Олий суд, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда келишиб олинди ва лойиҳа устидаги иш якунланди.
2021 йил 10 ноябрь куни Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертиза натижаларига кўра қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса берди ва ҳужжатни Президент Администрациясига юборди. 2021 йил 13 ноябрда қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган эди. Бироқ ҳукумат ҳужжатни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этмади. Бунинг сабаби хусусида ҳам жамоатчиликка бирор маълумот тақдим этилгани йўқ.
Аслини олганда бу қонуннинг ишга туширилиши ҳақидаги гап бундан 6 йил бурун, 2017 йил сентябрь ойида қабул қилиш режалаштирилган эди, аммо бу муддат бир неча бор қолдирилди. Сана эса 2020 ва 2021 йилнинг 1 январи эди.
2021 йилнинг август ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов қонун лойиҳаси ва давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш тизими тайёр эканини таъкидлаган. Кейинчалик у қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар эътирозлари бўйича ҳамон такомиллаштирилаётганини иддао қилди. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, қонун ишга туширилмаётгани бу гаплар баҳона эмасмикан, деган шубҳа уйғотади.
«Ушбу лойиҳани халқаро ташкилотларга икки марта тақдим этганимизда, уларда эътирозлар пайдо бўлди. Ҳужжат таклифлар ва тавсиялар асосида такомиллаштирилмоқда», деган эди агентлик раҳбари.
«Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди»
Ҳукумат тўрт йил ичида бир неча маротаба оддий фуқаролар, яширинча тадбиркорлик қилаётганларнинг банк карта маълумотларини олишни кўзда тутувчи ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишга улгурди. Лекин, қонун ижроси давлат хизматчиларига келганида тиши ўтмай қолди. Ҳатто электр энергияси нархининг ошиши тўғрисидаги қонун лойиҳасининг ижроси ҳам бир йилга чўзилмади. Ҳужжатларнинг ҳар сафаргидек халққа тушадиган, халқнинг мажбурияти белгиланган томони тезкор ишламоқда. Қолган жиҳатлар эса доимгидек панада. Зеро орадан шунча йил ўтибди ҳамки, давлат хизматчиларининг мол-мулкини декларация қилишга оид қонун ҳатто парламент муҳокамасигача етиб бормаяпти. Бугун шу мавзу қайта кўтарилди, ижро тасдиқ учун ўз имзосини қачон олиши эса номаълум.
Яна бир савол. Қонун тасдиқланди ҳам дейлик, лекин, «каттакон»ларнинг декларация маълумотлари жамоатчиликка эълон қилинадими ёки «шахсга доир маълумотлар» ниқоби билан панада қолаверадими? Унинг самараси ўлароқ, иқтисодий монополиянинг думи кесиладими? Агар декларацияга оид бу қонун ҳеч қандай инсон омилисиз ишончли тизим асосида юритилмаса, унинг халққа ва давлатнинг иқтисодий барқарорлигига ҳам бир тийинлик фойдаси йўқ.
Маълумот ўрнида: декларация – бу жисмоний шахснинг йил давомида олган даромадлари ва тўлаган солиқлари миқдори ҳақидаги ҳужжат. Амалдорлар даромадини деклорация қилиш Россия ва бошқа бир қатор ривожланган мамлакатларда йўлга қўйилган, аммо ҳарбий соҳа вакилларининг даромад ва мол-мулкларини деклороция қилиш қонунга зид, деб ҳисобланади.