Самарқандда хусусий корхона раҳбари 1,5 млрд сўм кредит маблағни ноқонуний тарзда ўзлаштиригани аниқланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Булунғур ва Паяриқ туманида кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Прокуратура Департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Ф.М.» хусусий корхонаси раҳбари З.А. ва бошқалар тижорат банки филиалидан ун ва қурилиш маҳсулотлари сотиб олиш учун ажратилган 1,5 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Паяриқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Ч.Ф.» МЧЖ раҳбари Ғ.М. тижорат банки филиалидан ажратилган 1,1 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағларини мақсадсиз ишлатиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.