Самарада бруцеллёз эпидемияси аниқланди ва аҳолига карантин чекловлари ҳақида хабар берилди. Бу ҳақда «Московский комсомолец» хабар берди.
Малта, Кипр ёки Гибралтар иситмаси деб ҳам аталадиган бруцеллёз бруцелла бактериялари келтириб чиқарадиган хавфли касалликдир. Бу касаллик гўшт, сут, пишлоқ каби қайта ишланган ҳайвонот маҳсулотлари орқали одамларга юқиши мумкин. Инфекция касал ҳайвонлар, жумладан қўйлар, эчкилар, сигирлар, итлар ва бошқалар билан алоқа қилишда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
«Касаллик Воздушной флот кўчасидаги Рубежноедаги хусусий уйда топилган. Эндиликда хўжалик ҳудудига бегона шахслар кириши тақиқланади. Шунингдек, касал ҳайвонларни даволаш, ҳайвонларни олиб кириш ва олиб чиқиш (сўйиш учун экспорт қилишдан ташқари), асбоб-ускуналарни олиб чиқиш, қўй ва эчкиларни соғиш, шунингдек, уларнинг сутидан пишлоқ тайёрлаш ҳам тақиқланади», — дея изоҳ берди Самара вилояти ветеринария бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи Иля Эгоров.
«Бруцеллёзнинг белгилари касалликнинг шаклига қараб турли йўллар билан намоён бўлиши мумкин. Ўткир бруцеллёз юқори иситма, бош оғриғи, ҳолсизлик, қусиш, ич кетиши, мушак ва бўғимларнинг оғриғи, шунингдек, тошма ва лимфа тугунларининг шишиши билан бошланади. Касалликнинг сурункали шаклида артрит, марказий асаб тизимининг шикастланиши, гепатит, хотира бузилиши ва ҳаракатни мувофиқлаштириш, шунингдек, бошқа жиддий асоратлар пайдо бўлиши мумкин» – дейилади хабарда.
Бруцеллёзнинг инкубация даври бир ҳафтадан беш ойгача бўлиши мумкин, бу эса ташхисни қийинлаштиради. Бруцеллёзни даволаш юқумли касалликлар шифохоналарида амалга оширилади.