Фатво маркази криптовалюта савдоси жоиз эмаслиги ҳақидаги фатвосини рад эдиб, узр сўради

Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази биткоин, ноткоин каби криптовалюталарни айрибошлаш ва савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмаслиги ҳақида фатво чиқарган эди. Аммо, орадан бироз вақт ўтиб Фатво маркази мазкур фатво техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини маълум қилди.


«Фатво маркази томонидан «криптовалюталар савдоси жоизми?» деган мавзуда савол-жавоб лойиҳаси техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.


Қайд этилишича, фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва у кишининг ўринбосарлари муборак ҳаж сафарида. Мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмаган. Шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Фатво маркази кузатувчилардан узр сўраган ҳолда ушбу фатво устидаги илмий тадқиқотларни ниҳоясига етказиб, қайта эълон қилинишини маълум қилди.