Президент фармони билан бир нечта компанияларнинг монополияси бекор қилинади. Аммо, улар орасида UzAuto motors йўқ.
«Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тақдим этган рўйхатга кўра, 2024 йилнинг 1 март ҳолатида Табиий монополия субъектларининг Давлат реестрида 11 турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича 89 та хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган.
Улар орасида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ, «Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти» МЧЖ, «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бор.
Аммо, 2022 йилнинг май ойида Германия элчиси — UzAuto Motors монополиясини бекор қилиш ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, ўша йилнинг февраль Volkswagen концерни делегацияси ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини ўрганиш мақсадида мамлакатга ташриф буюрган. Ўшанда Тило Клиннер ҳукумат ушбу компаниянинг бозордаги монопол мавқеини 2025 йилгача бекор қилиш режалаштирилаётганини таъкидлаган.
Германия элчихонаси «шартлар бажарилган тақдирдагина» немис автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига сармоя киритиши тарафдори бўлишини айтган эди.