Самарқандда ўқувчи бошқарувидаги Nexia уриб юборган 6 ёшли қиз вафот этди

Ургут туманида 9-синф ўқувчиси бошқарувида бўлган Nexia-2 юқори тезликда 6 ёшли қизни уриб юборди. Қиз шифохонада вафот этди. Бола машинани уйидан отасининг рухсатисиз олиб чиқиб кетгани аниқланди.

Қайд этилишича, ҳодиса 2 июнь куни туманнинг Янгиҳаёт маҳалласида содир бўлган. Шу туманда яшовчи фуқаронинг 9-синфда ўқийдиган фарзанди Nexia-2 машинасини ҳайдаб кўчага чиққан. Бола отасининг айтишича, машина калити ўзида қолган пайтда ўғли ундан сўрамай, машинани олиб чиқиб кетган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган ўқувчи машинани юқори тезликда ҳайдаб келаётганида йўлнинг бир томонидан иккинчи томонига ўтмоқчи бўлган 6 ёшли қизни уриб юборган. Қиз шифохонага олиб борилган. Бироқ кўрсатилган муолажаларга қарамай, у вафот этган.

«Дадамдан сўрамасдан машинани олиб чиққандим. Машинани ювиб чиққанимдан кейин шу воқеа бўлди. Тормозни босдим, тормоз ҳам ишламади. Қизча олдимдан чопиб чиқиб қолди. Ўзим тенги мактаб ўқувчиларидан ҳеч кимга машина ҳайдашни маслаҳат бермайман», — деди рулда бўлган ўқувчи.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.