Нурмат Отабеков Андижондаги айрим боғчалар ҳақида гапирди

Андижон вилоятидаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида болаларни овқатлантириш ҳолати белгиланган талаблар асосида ташкил этилмаётгани аниқланди.

Ўрганилган давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни овқатлантириш Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида низом талаблари асосида олиб борилмаётгани аниқланган.

Хусусан, Шаҳрихон тумани 52-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси эски бўлиб, ошхона ташқи ва ички хоналари тўлиқ таъмирталаб, стол, стул ва бошқа жиҳозлар етишмайди. Ошхона санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди, тозалаш ишлари ўтказилмаган, болалар учун идиш-товоқлар етарли эмас.

Шунингдек, таом тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш учун яратилган шароитлар ўрганилди. Махсус комиссияси томонидан маҳсулотлар қабул қилиб олинмаётгани натижасида Қўрғонтепа туманидаги 2-сонли боғчада сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари кирим қилингани маълум бўлди.

Ўрганилган давлат мактабгача таълим ташкилотларида таомномалар низомга зид равишда, яъни 10 кунлик Ягона мавсумий таомнома асосида тузилмаган. Тузилган таомнома Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳудудий бўлимлари билан келишилмаган ҳамда таомномаларга киритилган ўзгартиришлар юзасидан далолатнома расмийлаштирилмаган.

“Сенатдан ташкил қилинган ишчи гуруҳ бориб кўрган мактабгача таълим ташкилотлари ишлаши керак эмас. Уларнинг фаолиятини шу бугуннинг ўзида тўхтатиш керак. Олиб келинган маҳсулотлар нотўғри сақланиб, томир отиб юборса, турган жойида чириса… Қайси ошпаз чириган ё униб кетган картошкани ташлаб юборади? Албатта уларни болаларга едиради”, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.