Номофобия, сиз қанчалик зарарлангансиз?

“Ҳаётингизни мобил телефон ва компьютерларсиз тасаввур қила оласизми” – деган саволга кўпчилик инсонлар “ албатта,йўқ “ деб жавоб беришади. Хўш сизчи ? Қандай жавоб берасиз?! Айтайлик,  бир ёки икки кун  мобил телефонсиз  юра оласизми? Эҳтимол, сиз буни уддаларсиз. Лекин, орамизда телефонини йўқотишдан, ҳаётини усиз тасаввур қилишдан қўрқувчилар ҳам йўқ эмас. Биз муаммо сифатида қарамайдиган хавфли касаллик қаршисида турибмиз. 

Бу номофобия  (nomophobia – “no mobile phone phobia”) касаллигидир. Инглизчада ўз телефонидан узоқлашишдан қўрқиш маъносини beradi. Ҳозирги вақтда дунё бўйича 7.2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга ва бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилади. Техника, гаджетлар тезлик билан оммалашиб бормоқда. Хаттоки ёш болалар ҳам улардан қандай фойдаланишни билишади. Ўсмирлар ва катталар учун эса тун-у кун хизмат қилади. Кечқурун уйқуга ётишда сўнгги бор унга қараган бўлсак, эрталаб уйғонганда ҳам биринчи бўлиб  унга юзланамиз. 

Тан олиш керакки технология бизга кўплаб имкониятлар яратади. Ишда ҳам,ўқишда ҳам мобил телефонлардан фойдаланмасликни имкони йўқ. Биз алоқа ўрнатиш, маълумотларни олиш ва тарқатиш учун, расм,видео олиш, ҳисоб-китоб қилишда фойдаланиш, ўзимиз учун эслатмалар қўйиш учун қўлимиздаги телефонларга мурожаат қиламиз. Шунингдек, бугунги кунда биз биргина телефонимиз орқали янгиликлардан хабардор бўлишимиз, онлайн харидлар қилишимиз ва яна каммунал тўловларни уйимиздан чиқмасдан амалга оширишимиз мумкин. 

   Лекин, танганинг икки томони бўлганидек, мобил телефонларнинг ҳам зарарли томонлари мавжуд. Агар телефондан бошингизни кўтариб атрофни кузатган вақтларингиз бўлса, сиз сезгансизки, инсонларнинг кўпчилиги ўз смартфонларига  қарам бўла бошлаган. Инсонлар кераксиз вақтларда ҳам телефонларига қарайверади,қарайверади. Агар у  йўқ бўлса безовталанишни бошлайди. 

Бу қарамлик эса бизни кўплаб касалликлар томон етаклайди. Албатта, мобил телефон ҳақида гапирар эканмиз , кўзнинг кўриш қобилиятига қай даражада таъсир кўрсатишини ҳам биламиз. Узоқ вақт давомида телефонга қараганимизда  кўзларимизда қичишиш ёки ачишиш, узоқни яхши кўра олмаслик муаммолари пайдо бўлади.

Буларга қўшимча равишда яна биз бўйин муаммолари, шунингдек 21-асрнинг долзарб муаммоларидан бири бўлмиш ортиқча вазн орттиришни ҳам ўз елкамизга юк сифатида кўтаришимизга тўғри келади. Булар мобил телефонга қарамликдан келиб чиқувчи физиологик касалликлар бўлса, қўрқув ва хавотир, уйқу бузилиши, депрессия, асабийлик, реал ҳаётдан узоқлашиш, ижтимоийлашувнинг пасайиши каби психологик муаммолари ҳам мавжуддир. 

  Қачондир ўйлаб кўрганмисиз инсонлар технологиялар томонидан манипуляция қилинишини. Бу ҳам телефонга қарамликдан келиб чиқади. Биз телефондан фойдаланганимизда   қимматли вақтимизни кўпроқ нималарга сарфлаймиз ўзи?

Бу ижтимоий тармоқлар бўлиши мумкинми? Кўп вақтларда биргина маълумот олишга тефондан фойдаланасиз, лекин, маълумот ёдингиздан кўтарилиб,  ижтимоий тармоқлардаги турли беъмани видеолар, расмлар, замонавий тил билан  айтганда янги трендларни кўришга  бир- икки соат вақтни қандай сарфлаганингизни билмай қоласиз . Натижада керак бўлса, бўлмаса кўча-куйда ҳам қўлимиздан телефон тушмай қолади. Бу эса ташқи дунёдан ажралиб, автоҳалокатларнинг кўпайишига сабаб бўлади.  

   Мобил телефонлардан фойдаланиш бизга шунчалик зарар етказса, биз улардан воз кечишимиз  керакми? Йўқ, ахир,муаммолар туфайли бизга берилаётган имкониятлардан фойдаланмаслик, қийинчиликлардан қўрқиб ривожланишни тўхтатишдир. Унда нима қилиш керак?

Мобил телефонга қарамликка қарши муолажалар “Рақамли парҳез” деб аталади. У эса техник воситалардан воз кечиш эмас, балки тўғри фойдаланишни ифодалайди. Зотан, таомлардан парҳез қилаётган одам оч юрмайди, балки мутаносиб равишда соғлом овқатланади. Гаджетлардан парҳезда ҳам улар билан уйғун яшаш ва унумли ишлатиш назарда тутилади.

Лайло Эркинова