Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида турмуш ўртоғи билан видеомулоқот чоғида жанжаллашиб, ўғлини бўғишга уринган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Аёлнинг айтишича, эри Россияда бошқа аёлга уйланган ва қайтишни истамаяпти. Боламни бўғмадим, эримни шундай қилиб қўрқитмоқчи бўлдим, деди аёл.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ матбуот хизмати изоҳ берди. Қайд этилишича, Нурафшон маҳалласида яшовчи 32 ёшли аёл Ф.М. қонуний никоҳдан ўтмаган турмуш ўртоғи билан ўзаро келишмовчилик оқибатида эрига жаҳл қилиб, вояга етмаган фарзандига нисбатан жисмоний куч ишлатиб, уни қийнаган.
Ҳозирда боланинг соғлиғи ва аҳволи яхши экани, мутахассислар назоратига олингани хабар қилинди.
Аёлга нисбатан эса, Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми «а» банди ҳамда 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилди.
Аёл ушбу ҳодисадан кейин берган интервьюсида пушаймон экан, бироқ фарзандига зарар етказиш мақсади бўлмаганини билдирди.
«Кечирасизлар. Қилган ишимдан пушаймонман. Эримга аччиқ қилиб, шу ишни қилдим. Унинг у ерда (Россияда) хотини бор экан. Келаман деб, келмаяпти, нима қилишим керак… Лекин мен боламни бўғганим йўқ. Қўлим мана бундай турганди (қўллари билан кўрсатиб — таҳр.). Мажбурликдан шу ишни қилдим. Мен боламга зиён етказишни хоҳламайман-ку. Ҳушидан ҳам кетгани йўқ бола, у соғлом. Болам унга керак бўлмаса, менга керак. Россияда туриб, бунақа нарсаларни чиқариб юборяпти эрим томондагилар. Боламни ҳеч кимга беришни хоҳламайман», — деди у.
Аёлнинг сўзларига кўра, ҳодисадан сўнг у билан тушунтириш ишлари олиб борилган, шаҳар ҳокимлигидан унга иш таклиф қилишган.