Қуриб бораяпмиз, ҳа, сув танқислиги, иқлим ўзгаришлари бугун ва эртанинг даҳшатли муаммосига айланиб улгурди. Бир неча йиллар илгари прогноз қилинган ҳодисалар кутилган вақтидан олдинроқ юз беришни бошлади, лекин биз буни жуда кеч англаб етдик. Қачонлардир 35 даражали иссиқ биз учун фожиадек бир гап эди. Бугун эса ҳарорат 44-45 даражадан пастлашни истамаяпти. Олимларнинг айтишича, 2024 йилнинг аномал иссиқлик даражаси ҳар қачонгидан даҳшатлироқ ва баттарроқ бўлади, энди салқин ва майин ёз ойлари инсоният учун, афсуски, орзу бўлиб қолиши мумкин.
Иссиқ ҳароратга-ку амаллаб чидаса бўлар, аммо қурғоқчилик масаласи-чи? Инсонларни келажакда нималар кутяпти?
Тахминларга кўра, 2030 йилга бориб, 700 миллион киши қурғоқчилик сабаб яшаш жойларидан кўчиб кетишади. 2040 йилда эса ҳар тўрт боладан биттаси сувсизликдан жон беришга мажбур бўлиб қолади.
2050 йилга бориб, қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир кўрсатади. Сув сатҳи кўтарилиб, денгизбўйи мамлакатлари тошқин остида қолади. Музликлар эриб битади. Яшил ўрмонлар тақир саҳрога айланади.
Қурғоқчилик мавсуми нафақат Африка, балки Европа ва Осиё минтақаларида ҳам аллақачон бошланиб улгурди. Масалан 2023 йилнинг 18 июль ҳолатига кўра Америка Қўшма Штатларининг 21.60% қисми қураб қолган. Францияда сувсизлик даражаси 68% фоизни ташкил этмоқда.
Шимолий Африкада 40 миллиондан зиёд одам қурғоқчиликдан азият чекади. 2020 йилда бошланган қурғоқчилик Сомали, Кения ва Эфиопия давлатларини 2023 йилга келиб даштга айлантириб қўйди. Одамлар кундан-кунга очарчиликдан қирилиб кетмоқда.
Узоққа бормайлик, 2027 йилга бориб қўшни Қозоғистонда сув танқислиги 50 фоиздан ошиб кетади. Ҳозирда оддий аҳолига ҳар суткада 15 минг метр³ сув етишмайди. Тожикистонда Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик музликлар мавжуд. Мамлакат ҳудудининг олти фоизини музликлар ташкил этади. Аммо ҳудуддаги 14 минг музликнинг мингдан ортиғи, яъни 10 фоизга яқини охирги 20 йилда эриб кетган. Даведов музликларида ҳам шу муаммо.
Ўзбекистонда 2040 йилга бориб 7 миллиард куб метр сув етишмайди. Сирдарёда сувнинг 15 фоизгача қисми камайиб кетади. Ҳозирда мамлакатимизда ҳар уч кишидан биттаси чучук сувдан маҳрум бўлса, 2030 йилларга бориб ҳар уч кишидан иккитаси яроқсиз сув истеъмол қилишга мажбур бўлиб қолади.