Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига сайланди

2024 йил 7 июн куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ню-Ёрк шаҳридаги бош қароргоҳида 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзоларига сайлов бўлиб ўтди. 54 та аъзодан иборат кенгаш БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланади.

Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо давлатларнинг 185 нафар овозини олди ва ўз тарихида биринчи марта Кенгаш аъзолигига сайланди.

Мамлакат 2025-йил 1-январдан Осиё-Тинч океани гуруҳидан бўшатилган тўртта ўриндан бирини эгаллайди.