Яқинда UzAuto motorsнинг Қозоғистондаги савдо кўрсаткичи бирдан 60 фоиздан кўпроқ фоизга пастлаб кетгани, унинг ўрнини эса, электромобиллар эгаллагани ҳақи маълумот очиқланган эди. Давлат томонидан қилинадиган мунтазам қўллаб-қувватловга қарамай, (Ўзбекистонда UzAuto motors дан ташқари кўплаб монопол компаниялар бекор қилинди) сўнгги пайтларда UzAuto монополияси касодга учрамоқда, десак муболаға бўлмайди.
Нега дейсизми? Сабаби қўшни мамлакатлар у ёқда турсин, ҳаттоки ўзимизнинг ягона транспорт вазирлигимиз корхоналари ҳам GM ни менсимаяпти. Айни шу сабаб бўлса керак, яқиндагина Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Транспорт илмий-тадқиқот маркази» томонидан нақ 429,8 млн сўмга бир дона электромобил хариди учун буюртма берилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, ундан ташқари вазирликка қарашли яна бир корхона — «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» ДУК ҳам 594,4 млн сўмга икки дона «BYD Chazor» электромобилларни сотиб оляпти.
Қизиқ, компания томонидан бюджетнинг миллионлаб пулларига сотиб олинадиган бу электромобиллар бизнинг қинғир-қийшиқ йўлларимизга бардош бера олармикан? Ёки компания шу кунга қадар йўлларни эплаб асфальт қила олмаганига бироз бўлса-да афсус чекармикан?