Саратоннинг барча турларига қарши вакцина муваффақиятли синовдан ўтказилди

Россияда саратоннинг барча турларига қарши вакцинанинг биринчи синовлари яхши натижаларни кўрсатди.

Бу ҳақда Россия Фанлар академияси академиги Aлександр Гинзбург Газета.Руда хабар берди.

Унда таъкидланишича, препаратнинг биринчи синови меланома билан сунъий равишда эмланган сичқонларда ўтказилган..

Шундан сўнг, баъзи кемирувчилар янги вакцина билан эмланди. 15-куни, ҳайвонларнинг иммун тизими ишлай бошлаганида, олимлар эмланган ва эмланмаган сичқонлар ўртасида ўсимта ўлчамида катта фарқ борлигини кўрдилар.

Вакцинани олган кемирувчилар тирик. 19 ва 22 кунлар орасида эмланмаганлари орасида ўлим қайд этилган.

Гинзбургнинг қўшимча қилишича, тажриба ҳозирда давом этмоқда.

“Ҳақиқатан ҳам, онкологиянинг барча муаммоларини том маънода ҳал қилиш имконини берадиган универсал технология яратилган. Бу амалиётга қандай татбиқ этилиши бошқа масала”, — деди у.

Олимнинг қайд этишича, терапевтик вакцина CОВИД-19 га қарши дори воситаларига ўхшаш мРНК технологиялари асосида яратилган.

У саратон касаллигига чалинган одамларга қўлланилади. Шуниси эътиборга лойиқки, вакциналар индивидуал бўлади, яъни беморнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилади.

Гинзбургнинг сўзларига кўра, Россияда саратон касаллигига чалинган беморларга вакцина мушак ичига ёки тўғридан-тўғри ўсимтага киритилиши, сўнгра препарат бутун танага тенг тақсимланиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, томчилар орқали юбориш имконияти кўриб чиқилмайди, чунки бу жигарга салбий таъсир қилиши мумкин.

“Aлбатта, самарадорлик дорининг юборилиш усулига боғлиқ. Яқин кунларда бу саволнинг жавобига ойдинлик киритамиз”, деб тушунтирди у.