Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги дипломатик миссиясини 25 йил бошқарган Виталий Фен вафот этди

Ўзбекистоннинг Сеулдаги дипломатик миссиясини 25 йил давомида бошқарган Виталий Васильевич Фен 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

«Виталий Фен бутун умрини ватанимизга хизмат қилишга бағишлаган атоқли давлат арбоби, спорт устаси ва профессионал дипломат эди», — дейилади хабарда.

ТИВ дипломатнинг Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини қайд этди: «Унинг кўп йиллик фаолияти Ўзбекистон-Жанубий Корея алоқаларини мустаҳкамлашда ўчмас из қолдирди».

Виталий Фен «Фидокорона хизматлари учун» ва «Меҳнат шуҳрати», шунингдек, Жанубий Кореянинг «Гвангхва» орденлари билан тақдирланган. 2005 йилда у Сеулнинг фахрий фуқароси унвони билан тақдирланган.