Кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти берилади.
Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, таълим олиш тилидан қатъи назар, республика бўйича энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Президент грантига даъвогар бўлади.
Ушбу грант учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади.
Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Низомга кўра:
– Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот ёналишларида ютуқларга эришган талабалар орасидан Олий таълим, фан ва инноватар вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланади;
– ғолиб бўлган талабаларга Президент давлат стипендияси тайинланади ва иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади.
Шунингдек, грант соҳибларига умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди;
– ўқув семестри якунига кўра
камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаганда, Президент гранти талабаларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади;
– навбатдаги ўқув семестри якунига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади ва тўлаб борилади.
Эслатма! Ўқишга киришда қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиҳонда тўплаган балига қўшиб берилган баллар Президент грантига даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди.
Шунингдек, ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим ёналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.