Машинани кекса ёшли қайнота бошқарган. Автомобил салонида келини ва унинг уч нафар боласи ҳам бўлган. Тўрт кишининг жасади сувдан олиб чиқилган, яна бирини қидириш ишлари давом этмоқда.
Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида 17 июн куни бошқарувни йўқотиб каналга тушиб кетган Nexia 2 салонида бир оила вакиллари бўлгани маълум қилинди.
Таъкидланишича, Nexia-2 автомобили бошқарувида кекса ёшли қайнота бўлган. У машина салонида уч нафар набираси ва келинини олиб кетаётган вақтда бошқарувни йўқотиб, шаҳардаги Мирзо Улуғбек ва Нуробод маҳаллаларини боғловчи Жанубий Мирзачўл канали устидаги кўприкдан сувга қулаган.
Аввалроқ Сирдарё вилоят ИИБ Nexia-2 ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчининг жасадлари ФВБ фавқулодда қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан сувдан олиб чиқилгани ҳақида хабар берганди.
Шунингдек, машинада бўлган яна бир йўловчини қидириб топиш ишлари олиб борилаётгани айтилганди.
Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.