Россияда Ўзбекистон фуқаролари ҳибсга олингани ҳақидаги хабар юзасидан расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Воронеж шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан рейд ўтказилиб, унда Ўзбекистон фуқаролари ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.


Маълум бўлишича, хабарларда акс этган ҳолат жорий йилнинг 7 июнь куни Воронеж шаҳридаги “Развитие” қурилиш ҳудудида юз берган.


Рейд тадбири ўтказилган ушбу қурилиш ҳудудида 45 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бўлиб, уларнинг 12 нафари норасмий ишлаган.


Норасмий ишлаганларнинг 11 нафарига нисбатан патент муддати ўтиб кетгани сабабли жарима шаклида маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, шу куннинг ўзида вақтинча яшаш жойига рухсат берилган ва яна 1 нафари эса ҳеч қандай ҳужжатларсиз ишлагани сабабли ҳозирда мамлакат ҳудудидан депортация қилинмоқда.


Шу ўринда, Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мигрантлардан маҳаллий қонун-қоидаларга риоя қилиш ҳамда миграция қонунчилигини бузмаслик сўралади.