Тадбир аввалида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди:
Қадрли ўғил-қизларим!
Сиз, азизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз ижобатини, Янги Ўзбекистон келажагини бутун эл-юртимиз қатори сиздек азму шижоатли фарзандларимиз билан боғлиқ ҳолда кўрамиз.
Шу кунларда мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар фестивалиҳам Ўзбекистонга бўлган юксак эътибор намунаси, десак, тўғри бўлади. Ушбу анжуманда 92 та мамлакатдан 700 нафардан зиёд чет эллик ёшлар, 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг вазирлик ва идораларидан раҳбар ва масъул ходимлар иштирок этмоқда. Энг муҳими, юртимиз ёшларининг бутун дунёда дўстлари, ҳамкорлари кўпаймоқда, билим ва касб ўрганиш, глобал мулоқот ва алмашувларда иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Азиз ўғил-қизларим! Фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи албатта ёруғ бўлади. Биз Ўзбекистон ёшларини ана шундай эзгу фазилатлар соҳиблари этиб тарбиялаш учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ҳеч қачон унутманг, сизлар ёшликнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, доимобунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан, Ватанга чексиз меҳр ва садоқат туйғуси билан яшасангиз албатта кам бўлмайсиз.
Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, ўз олдингизга қўйган мақсадларга эришишдабарчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, омад ва зафарлар тилайман—деди Президент ўз табригида.