Электр-энергияси учун белгиланган ижтимоий норма аҳолининг эҳтиёжи ва даромадларига тўғри келадими? Хориж мамлакатлари бу борада нима дейди?

Куни кеча «Миллий тикланиш» партияси раиси  Алишер Қодиров ўзининг шахсий блогида 1 квт электр-энергияси 450 сўм бўлган 200 Квт лик лимит аҳолига кўмак эканини айтиб, аслида 1 квт электр энергияси 990 сўм бўлиши кераклигига ишора қилиб, пост жойлаган эди. Бошқа айрим давлат ташкилоти раҳбарлари ҳам Ўзбекистон аҳолиси учун берилган нормани ёқлаб, бу тизим халқни тежамкорликка ўргатмоқда, дея иддаолар қилаётгани ҳам сир эмас. 

Тўғри, Ўзбекистонда электр-энергиясининг нархи арзонроқ бўлгани учун нархини бироз кўтариш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Аммо бу масалада танганинг иккинчи томони ҳам борки, мамлакат аҳолисининг ойлик даромад миқдори ва бир хўжаликнинг (бизда асосан бир оилада 4 ва ундан кўпроқ киши истиқомат қилади) электр-энергиясига бўлган эҳтиёжлари белгилаб қўйилган нормаларга деярли тўғри келмайди.

Қуйида биз айрим мамлакатларнинг ойлик иш ҳаққи ва электр-энергиясига кетадиган сарф-харажатлар миқдори билан танишиб кўрдик. 

АҚШ аҳолиси электр энергиясининг бир квт соати учун 0,12 АҚШ долларидан пул тўлайди. Бугунги ўзбек валютасига ҳисоблаганда 1500 сўмдан тўғри келади. Америкада оддий аҳоли ойига ўртача 900 квт электр-энергиясини истеъмол қилади. Бу Ўзбекистонда берилган миқдордан қарийб тўрт баробарга кўп дегани.

Тўғри Америкада бир квт электр-энергияси учун биздан кўра анча кўп пул тўлашар экан дейишингиз мумкин. Аммо бу мамлакат аҳолисининг ойлик даромад фоизини ҳам ҳисобга олиб қўйиш керак. Зеро, АҚШ да энг кам иш ҳаққи  ойига 1218 АҚШ доллари (ўн беш миллион икки юз олтмиш беш минг сўм) ни ташкил этади. Аҳоли эса бир ойда 1 миллион сўм атрофида электр-энергияси учун тўлов қилади.  Ўзбекистонга келадиган бўлсак  энг кам иш ҳаққининг ойлик кўрсаткичи 1 050 000 сўмни ташкил этади. 

Францияда электр энергияси нархлари икки турга қараб белгиланади: қайта тикланадиган энергия ва қайта тикланмайдиган энергия. Қайта тикланадиган энергия нархлари нисбатан арзонроқ бўлиб, Франция аҳолисининг асосий истеъмоли ҳисобланади. Чунки мамлакатда қуёш батареялари каби қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичлари баланд. 

Қайта тикланмайдиган электр-энергиясининг бир квт 10,53 евро бўлиб, ойига ўртача 110 еврони ташкил этади. айтиб ўтганимиздек, маҳаллий аҳоли қайта тикланмайдиган энергиядан деярли фойдаланмайди. Энг кам иш ҳаққи эса ойига  1766,92 евро? яъни 1907 АҚШ доллари (йигирма уч миллион тўққиз юз минг сўм) ни ташкил этади.

Германияда электр-энергияси нархи бошқа Европа мамлакатлариникига қараганда анча арзонроқ бўлиб, бир квт соат учун 0,402 евро (беш минг уч юз сўм) ни ташкил этади. Ойлик энг кам иш ҳаққи эса, 2151 евро (29 миллион сўм) этиб белгиланган. 

Дунёда электр энергияси учун энг кам пул тўлайдиган мамлакатлар қаторига Эрон (1 квт- 20 сўм), Сурия (1 квт — 38 сўм), Куба (1 квт-75 сўм), Қирғизистон (1 кват-162 сўм), Ироқ, Ангола, Бутан ва бошқа бир қатор мамлакатлар киради.