Ҳудудгазтаъминот» раиси ўринбосари жавобгарликка тортилди

Ҳудудий газ таъминоти идоралари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. 

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси ўринбосари маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар берди. 

Юридик ва жисмоний шахсларни газ тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан газ тармоқларига уланиш учун техник шартларни бериш ҳудудий газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган давра суҳбатида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан регламентга зид равишда ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган техник шартларни Жамиятнинг марказий аппарати билан келишиш амалиёти жорий этилганлиги аниқланган. 

Шунингдек, вазирлик мониторингларида ҳудудий газ таъминоти филиаллари томонидан қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича қонуний талаб қўйилган тақдимнома киритилган бўлсада, мазкур қонунбузилиш ҳолатлари бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда.

Шунга кўра, келгусида юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-5-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз,  бир неча кун аввал «Ҳудудгазтаъминот»га янги раиси тайинланганди.