Кўкдала тумани ИИБ катта инспектори маст ҳайдовчининг пичоқ билан жароҳат етказгани оқибатида вафот этди. Ҳолат юзасидан Жиноят иши қўзғатилди, гумонланувчи ушланди.
8 июль куни Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ИИБ катта инспектори ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда вилоят прокуратураси ахборот хизмати.
Қайд этилишича,
соат 19:00 да туман ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими катта инспектори Э.П. 1966 йилда туғилган ҳайдовчи С.Б. бошқарувидаги Lacetti автомашинани тўхтатган, бунга юқори тезлик сабаб бўлган.
Ҳайдовчи маст ҳолда бўлган. У машинадан тушиб қочишга уринган ҳамда уни таъқиб қилган инспекторга ташланган, сўнг ёнида бўлган ошхона пичоғини инспекторга бир неча бор уриб, жароҳат етказган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган.
Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, катта инспектор Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида вафот этган.
Ҳолат юзасидан 9 июль куни туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми ва 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.