Руспубликада 23 минг 273 гектарлик бошоқ экиш майдони ёқиб юборилган

“Ўзбеккосмос” агентлиги далалардаги ноқонуний ёнғинларнинг космик суратларни эълон қилди.

Агентлик томонидан олиб борилган космик мониторинг натижаларига кўра, жорий йилнинг июль ойига қадар Республикадаги жами 23 минг 273 гектарлик бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида, сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёниши билан боғлиқ 1 минг 960 та ҳолат аниқланган.

Бу ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланмоқда. Тошкент вилоятида 9 минг 638 гектар (439 та ҳолат), Сурхондарё вилоятида 5 минг 7 гектар (562 та ҳолат), Самарқанд вилоятида 1 минг 711 гектар (191 та ҳолат), Наманган вилоятида 2 минг 9 гектар (112 та ҳолат), Жиззах вилояти 931 гектар (54 та ҳолат), Фарғона вилоятида 65 гектар (11 та ҳолат), Андижон вилоятида 3 минг 868 гектар (319 та ҳолат).

Маълумот ўрнида: 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида, атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди (СО) гази тарқалади. Бу эса инсон организмида сил ва саратон касалликлари келиб чиқиши, атроф-муҳит ифлосланиб, тупроқ унумдорлиги пасайиши каби оқибатларга олиб келади.