Ижтимоий тармоқларда иссиқ сув қувурида катта авария юз бергани, иссиқ сув фонтан бўлиб отилаётгани акс этган видео хабарлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Миробод тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 20 июндан 2 августгача Тошкент шаҳрида иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовлари (механик куч ва зичлик учун юқори босим остида иссиқлик тармоқларининг синовлари) ўтказилади.
Ижтимоий тармоқлардаги ҳолат гидравлик синов вақтида «Файзиобод» ГАИ ҳудудида рўй берган ва шу жойнинг ўзида барча чоралар кўрилди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Синовлар 2014 йил 18 декабрдаги «Иссиқлик тармоқлари ва иссиқлик пунктларидан техник фойдаланиш қоидалари» билан тартибга солинади.
Шунингдек, синовлар давомида иссиқлик тармоқлари қувурларининг шикастланиши ва иссиқ сув йўллар ва йўлакларга чиқиши мумкин. Ҳайдовчилар, пиёдалар ҳамда маъмурий ва турар-жой биноларидаги юртдошларимиздан эътиборли ва эҳтиёт бўлишларини сўраймиз, — дейилади хабарда.