Рақобат қўмитаси марказнинг 1,4 млрд. сўмлик савдолари бўйича иш очганди.
Рақобат қўмитаси Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бошланғич қиймати 1,4 млрд. сўмдан ортиқ бўлган сайтлар ва мобил иловалар ҳамда марказнинг расмий веб-порталини яратиш хизмати бўйича танлов савдоларини ўрганиб чиққан эди.
Қўмита бу тендерларда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани аломатлари юзасидан марказга нисбатан иш қўзғатган эди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази маълум қилишича, qadriyatim.uz, tanlov.manaviyat.uz сайти ва мобил иловасини ҳамда марказнинг расмий веб-порталини яратиш хизмати бўйича танлов савдолари юзасидан Рақобат қўмитаси билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
Марказ расмий муносабатида бу жараёнларда муҳим ҳисобланган барча ҳужжатларни қўмитага тўлиқ тақдим этилиши билдирилган.
«Марказ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ушбу вазиятга тезкорлик билан аниқлик киритилишини ижобий ҳолат сифатида баҳолайди.
Негаки ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши, ўрганилиши фаолиятдаги шаффофлик, очиқликни таъминлашга хизмат қилади», дейилади муносабатда.