Улар тўлов квитанцияларини сохталаштириб, жами 103 млн сўмдан ошиқ маблағни қўлга киритишган.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида аҳоли тўлаган солиқ маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган мутасаддиларга жазо тайинланди.
Биринчи айбланувчи Тошкент шаҳар Учтепа туман солиқ инспекцияси Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаган. У ваколатидан фойдаланиб, Учтепадаги аҳолидан 33 та ҳолатда мол-мулк ва ер солиғи учун фуқаролар томонидан тўланган жами 20.960.799 сўмни тўлов квитанцияларига такроран сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, сохта тўлов квитанцияларини фуқароларга тақдим этиб, талон-торож этган.
Иккинчи айбланувчи эса 2018-2022 йилларда Учтепа туман солиқ инспекциясининг Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими давлат солиқ катта инспектори бўлиб ишлаган. У 31 та ҳолатда мол-мулк ва ер солиғи учун фуқаролар томонидан тўланган жами 82.494.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари эвазига тўлов квитанцияларига такроран сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, сохта тўлов квитанцияларини фуқароларга тақдим этиб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли ўз шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборган.
Ҳар иккала судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Етказилган зарарлар тергов давридаёқ тўлиқ қопланган.
Якуний суд ҳукмига кўра, биринчи судланувчи 2 (икки) йил муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органлари ва давлат улуши бўлган корхона, муассаса, ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 11 (ўн бир) ой 27 (йигирма етти) кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Иккинчи судланувчига эса ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилди.