Бразилиядаги самолёт ҳалокатида 62 киши ҳалок бўлди

Бразилия расмийлари тасдиқлашича, Сан-Паулу штатида ҳалокатга учраган самолёт саҳнидагиларнинг ҳаммаси топилган.

BBC “Voepass” авиакомпаниясига қарашли икки двигателли турбо винтли самолёт Винхедо шаҳри ҳудудига қулагач, жамоалар офат қурбонларини топиш ва уларнинг шахсини аниқлаш устида иш олиб борган.

Шанба куни қурбонлар сони 62 нафарга етгани эълон қилинди.

Компания аввалроқ “АТР 72-500” русумли учоқ 57 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси билан Парана жанубидаги Каскавелдан Сан-Паулу шаҳридаги Гуарулхос аэропортига кетаётганини айтган.  

Ижтимоий тармоқда тарқалган лавҳада самолёт тиккасига пастга тушаётгани ва қулаётган чоғида айлангани акс этган.

Самолёт турар-жой ҳудудига қулаган. Хайриятки, ердагилардан ҳеч ким жабрланмаган. Расмийлар маҳаллий турар-жой мажмуасидаги биргина уй шикастланганини қайл этди.

Сан-Паулу штати маъмурияти кеча маҳаллий вақт билан соат 18:30 да марҳумларни вақеа жойидан олиб чиқиш амалиёти якунлаганини билдирди.

Қўшимча қилинишича, шахси аниқлангач, 34 эркак ва 28 аёл оилаларига топширилади. Марҳумларнинг яқинлари жараёнга ёрдам бериш учун шаҳардаги меҳмонхонага жойлаштириляпти. Ҳозирча 38 оиладан вакиллар етиб келган.

Аввалроқ, ўт ўчириш бўлими вакили капитан Майкон Кристо йўловчиларни аниқлашда ёрдам бериш учун гуруҳлар ҳужжат, жасаднинг жойлашувига оид ҳолат, шунингдек мобил телефонлари каби омилларга таянаётганини айтган.