Салимбой номи билан танилган Салим Абдувалиев вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Езгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Facebook’да ёзишича, бу ҳақда хабар 11 август куни YouTube’даги каналларнинг бирида пайдо бўлди. Айрим Телеграм каналлар бу маълумот фейк экани ҳақида ёзмоқда.
ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов эса мазкур хабарларни рад этди.
“Тарқалган ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди”, дея жавоб берди вазирлик масъули.
Эслатиб ўтамиз, Салим Абдувалиев 2024 йил 19 март куни Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
