(Сўнгги 3 йилда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган вояга етмаган шахслар сони тўрт бараварга ошган)
Олий Мажлис Сенатининг 16 августдаги ялпи мажлисида фарзандларини ноқонуний диний таълимга жалб қилган ота-оналарни жазолаш кўзда тутилган қонун — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Мажлисда таъкидланишича, сўнгги йилларда вояга етмаган болаларни қонунга хилоф диний таълим олишга айнан ота-оналарнинг ўзи олиб бориши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, 2021—2023 йиллар мобайнида ноқонуний диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ 2 457 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Уларнинг 1 479 таси “ҳужра” шароитида ташкил этилган бўлиб, уларда таҳсил олаётганларнинг 60 фоизини вояга етмаганлар ташкил этган. Сўнгги 3 йилда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган вояга етмаган шахслар сони тўрт бараварга ошган.
Мазкур қонун билан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилишга йўл қўймаслик, шунингдек ушбу қонунчилик талабига риоя этмаганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Яъни, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш белгиланмоқда.