«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖ томонидан махсус ахборот порталлари орқали жами 2.8 млрд сўмдан ортиқ ўтказилган тендер савдолари Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганилди.
Ўрганишлар юзасидан, Буюртмачи ташкилотга («Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖ) «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддаси талаблари бузилганлик ҳолати бўйича иш қўзғатилди ҳамда натижаси бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, қонунбузилишга йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судга жўнатилди.