29 август куни Ўзбекистоннинг Кореяга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов Сеулга келди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Алишер Абдусаломов 40 ёшда. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ва Жанубий Кореянинг Кёнг-Хи университетини битирган.
Дипломат касбий фаолиятини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) етакчи мутахассисликдан бош бошқарма бошлиғигача бўлган лавозимларда ишлаган. У, шунингдек, 2013−2016 йилларда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи, 2018−2024 йилларда эса Жанубий Кореяда ҳам ушбу лавозимда ишлаган.
Абдусаломов Сеулга тайинланишидан аввал Олий Мажлис Сенати раиси котибиятига раҳбарлик қилган.
«Янги элчи ўзаро ҳамкорликнинг иқтисодий, маданий ва дипломатик жиҳатларига эътибор қаратган ҳолда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни давом эттириш ниятида», — дейилади хабарда.
Алишер Абдусаломов 1995 йилдан 2024 йилгача қисқа танаффус билан Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасига раҳбарлик қилган Виталий Фен ўрнига тайинланди. У июнь ойида вафот этган.