Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида «Pax Track» тизими тест режимида ўрнатилиб, ишга туширилди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» AЖ хабер берди.
«Pax Track» — йўловчиларни комплекс мониторинг қилиш тизимидир. Ушбу тизим қандай ишлайди?
Рўйхатдан ўтиш жойидан кейин ўрнатилган турникетларда йўловчи бортга чиқиш талонини, ходим эса ўз рухсатномасини сканерлаши керак. Чегара назорати ва авиация хавфсизлигига текшириш хизматлари ҳам ушбу тизим билан интеграциялашади. Шундай қилиб, кечикаётган йўловчини бортга чақиришда аэропорт ходимлари тизимдан унинг қайси секторда эканлигини ва рўйхатдан ўтгандан кейин “стерил” зонага кирган-кирмаганлигини билиш имкониятига эга бўлади.
Бугунги кунда учиб кетиш залида 40 та рўйхатга олиш пештахтаси мавжуд. Реконструкция ишлари тугаллангач, рўйхатга олиш пештахталари сони 90 та бўлади.
Учиб кетиш ҳудудидаги чегара назорати пунктлари сони ҳам 34 тадан 54 тага етказилади. Текширув ҳудуди 15 та йўлакгача кенгайтирилади. Шунингдек, учиб келиш залида 48 йўловчи ўтиш каналига эга янги паспорт назорати зонаси ташкил этилади, багаж олиш камарлари сони 4 тадан 8 тага кўпаяди.