2024 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи олти ой ичида 2,1 млрд долларга кўпайиб, 37 млрд доллардан ошди. Кредитлар асосан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган.
Ташқи қарз давлат ва хусусий қарзлардан иборат. 2024 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи биринчи яримйилликда 2,1 миллиард долларга кўпайиб, 37 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисидаги нутқида маълум қилди.
Бу даврда давлат ташқи қарзи 1,26 млрд долларга кўпайиб, 30,9 млрд долларни (27,7 фоиз) ташкил этди.
Давлат ички қарзи 842 млн долларга ошиб, 6,13 млрд долларни ташкил қилди (ялпи ички маҳсулотнинг 5,5 фоизи). Давлат ташқи қарзининг улуши эса 83 фоиз, ички қарзи 17 фоиз бўлди.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, январь-июнь ойларида Ўзбекистон номидан ва ҳукумат кафолати остида 2,8 млрд долларлик ташқи қарзлар бўйича келишувлар имзоланган. Бундан ташқари, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва жорий йилда тўланиши лозим бўлган халқаро облигацияларни қайта молиялаштириш мақсадида жаҳон молия бозорларига 1,5 млрд долларлик суверен халқаро облигациялар чиқарилган.
Қайд этилганидек, ташқи қарз давлат ва хусусий қарзлардан иборат. Бироқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк узоқ вақтдан буён хусусий сектордаги қарздорлик даражасини очиқламаяпти. Таъкидлаш жоизки, «хусусий» секторда асосан давлат улушга эга бўлган компаниялар ва банклар ифодаланади (давлат банк секторининг 68 фоизга яқин улушига эга, шунингдек, 2019−2021 йилларда жами 2 млрд долларлик қарздорлик қоғозларини муомалага чиқарган UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзмиллийбанк, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг эгаси ёки эгаларидан бири ҳисобланади).