Яна учта вазирликнинг 107 раҳбар ходими 116 та бизнесга эгалиги аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида ўтказган ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Аниқланишича, мазкур вазирликларда фаолият юритаётган 107 нафар бошқарув ходим 116та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган. 

Жумладан, Транспорт вазирлигининг 50 та бошқарув ходимлари 55 та тадбиркорлик субъектларида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 37 та бошқарув ходимлари 39 та тадбиркорлик субъектларида ҳамда Маданият вазирлигининг 20 та бошқарув ходимлари 22 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган. 

«Юқоридаги ҳолатларини бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга Агентлик томонидан киритилган тақдимномалар ушбу вазирликлар томонидан танқидий муҳокама қилинди ва тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда» дейилади хабарда.