“Мерей Омонбоева иши”даги жабрланувчи фирибгар бўлиб чиқмоқда

Бир муддат аввал Навоийда бир уйни бир нечта фуқарога сотгани ва уйлар ўз вақтида топширилмаётганидан норози фуқароларни эшитишга борган журналистларга босим қилингани ҳақида хабарлар чиқди.

Журналистларга босим қилганлар “BRIGHT INDUSTRY BUILDINGS THE FUTURE” МЧЖ вакиллари бўлган.

Фуқаролар ўз интервьюларида қурувчи томонидан алдангани, уларга ваъда қилинган уйлар ўз вақтида топширилмаётгани, айримлари эса бир хонадон бошқа фуқароларга ҳам сотилганини билдиришган.

Сал нарсага хозир-у нозир ҳокимлик ва бошқа масъул идоралар негадир бу ҳолатга узоқ вақтдан буён кўз юмиб келишган.

Бироқ ниҳоят фуқароларнинг мурожаатларига асосан “BRIGHT INDUSTRY BUILDINGS THE FUTURE” МЧЖ мансабдор шахсларига ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми а-банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов тергов ҳаракатлари бошланди.

Ушбу жамият мансабдорлари Навоий шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйдаги 140 та хонадонни сотиш бўйича фуқаролар билан 374 та шартнома тузиб, ушбу хонадонларнинг 32 тасини 68 нафар фуқарога сотиб, тушган пул маблағларини ўз шахсий эҳтиёжларига ишлатиб, талон-тарож қилишгани келтирилган.

Очиқ манбаларга кўра, “BRIGHT INDUSTRY BUILDINGS THE FUTURE” МЧЖнинг ягона таъсисчиси Меҳрож Саматович Рахматов.

Қизиғи Меҳрож Рахматов Савдо-саноат палатасининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага доир жиноят ишида жабрланувчи сифатида қайд этилган.