Урганч давлат университетига нисбатан иш қўзғатилди

Бошланғич нархи қарийб 30 млрд сўмлик давлат харидларида қонун бузилишига йўл қўйган Урганч давлат университетига нисбатан чора кўрилди.

Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси вилоят прокуратурасининг топшириғига асосан Урганч давлат университетида ўрганиш ишларини ўтказди.


Ўрганишлар давомида университет томонидан Хоразм вилояти қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказига юборилган анкетада “7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жой биноси қурилиши” объектини соҳавий мансублиги ва хавф-хатар тоифаси II-тоифа қилиб белгиланганлиги маълум бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 496-сонли қарорига асосан, 9 қаватгача бўлган Олий таълим муассасалари III-тоифа сифатида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозимлиги қайд қилинган.

Урганч давлат университети томонидан III-тоифа сифатида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозим бўлган объектни II-тоифа қилиб белгилаши натижасида бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг тендерда иштирок этиши чекланган.

Юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан Урганч давлат университетига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш юзасидан тегишли суд органига маълумотлар юборилди.