Уй-жой учун субсидияларга аризалар бериш 23 сентябрдан бошланади

Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли параметрлари доирасида аризалар қабул қилишнинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 09:00 да бошланади. 

Шунингдек, ижтимоий мезонларга мувофиқ, субсидия олиш учун фуқароларга янада кенгроқ имконият яратиш мақсадида уларнинг даромадларини инобатга олиш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда ариза берувчининг хоҳишига кўра, унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин бўлади.

Аризаларни Давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда топшириш мумкин. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ариза берувчи ва/ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари) ўртача даромад миқдори:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн. 835 минг сўм) 8 бараваригача (8 млн. 400 минг сўм);
     
  • Тошкент шаҳрида – МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн. 835 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 млн. 660 минг сўмгача) бўлиши зарур.