Ўзбекистон Россиянинг сунъий йўлдошли навигация тизимидан фойдаланиши мумкин

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга ГЛОНАСС сигналидан фойдаланиш имкониятини бериш бўйича музокаралар ўтказишни маъқуллади. У тегишли фармойишни имзолади.

“Ҳукуматнинг Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ГЛОНАСС глобал навигация сунъий йўлдош тизимига юқори аниқликдаги сигналдан фойдаланиш имкониятини бериш тўғрисида битим тузиш бўйича музокаралар ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин”, дейилади фармонда.

ГЛОНАСС — Россиянинг сунъий йўлдошли навигация тизими. Унинг номи глобал навигация сунъий йўлдош тизими деган маънони англатади. 2013 йил июль ойида Россиянинг 15 ҳудудида синов тариқасида ишга туширилган.

2015 йил 1 январда тизим саноат фойдаланишига топширилган. У жойлашувни аниқлаш, навигация, геодезия, илмий тадқиқотлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кенг фойдаланилади. 2018 йилдан бошлаб тизимнинг абонент терминаллари Россияда сотилаётган барча автотранспорт воситаларига ўрнатилмоқда. 

МедиаТек, Қуалцомм, Аппле, Самсунг, Ҳисилицон компаниялари ГПС, ГЛОНАСС ва бошқа навигация тизимларининг сигналларини қабул қилувчи чипларни ишлаб чиқармоқда.