Cкутер ва самокатда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда

Сенатнинг 57-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Йиғилишда қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 2023 йил июнь ойидан бошлаб ўтказилган рейд тадбирларида индивидуал ҳаракатланиш воситалари бошқарувчилари томонидан 200 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланган.

Шу сабабли скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Парламент аъзоларининг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, шунингдек фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.