Тошкентда ёш боласини аёвсиз урган аёлга жиноят иши қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда аёл киши ёш болани ургани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, воқеа 2022 йилнинг тахминан август ойларида содир бўлган. 1997 йилда туғилган Л.М. Шайхонтоҳур туманида жойлашган яшаш хонадонида 2020 йилда туғилган фарзанди Р.С.га қўпол муносабатда бўлиб, жаҳл устида уни урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Маълумотларга кўра, ҳолат аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан ўрнатилган яширин камерага ёзиб олинган. У аёли фарзандини муттасил уриб, тан жароҳати етказиб, қийнаб келаётгани юзасидан ИИО ФМБга мурожаат қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шундан сўнг аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” (вояга етмаган шахсга нисбатан) ва “в” (ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан) бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов натижаларига кўра, аёлнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли унга нисбатан жиноят иши 2024 йил 19 сентябрда тугатилган. Бироқ эр бу қарордан норози.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

“Якун бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”,  дейилади хабарда.

Жиноят кодексининг 110-моддасига кўра, муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, айбдорга нисбатан 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.