Наманганда боғча мудири боғча пулини ўзлаштириб юборди

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида катта миқдордаги маблағни ўзлаштириб юборган боғча директорига ҳукм ўқилди.

Судланувчи Н.Г. 2022 йил 1 июндан 2024 йил 27 февралга қадар Янги Наманган тумандаги 28-сонли боғча директори лавозимида ишлаб келган. У мансабидан фойдаланиб,ташкилотдаги 6 та гуруҳ тарбияланувчилари ота-оналаридан 2023 йил март ойида 21.483.0 минг сўм, такроран апрель ойида 25.334,0 минг сўм ва май ойида 23.214,0 минг сўм жами бўлиб, 70.031,0 минг сўм кўп миқдордаги бадал пулларини олиб, пулларини кирим қилмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Судланувчи айбига иқрор бўлиб кўрсатувлар берган, унинг айби далиллар билан ҳам тўлиқ ўз тасдиғини топди. Бунда алоқа хати, ота-оналар бадал тўлови тўғрисида маълумот, далолатнома, моддий зарарни ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар, фуқаровий даъвогар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг сўроқлардаги кўрсатувлари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси каби ҳужжатлар текширилган.

Якунда Г. Н. Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари билан айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 (саксон тўққиз) баравари, яъни 29 370 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод этилди. Етказилган зарар тўлиқ қопланиши белгиланган.

Суд ҳужжати Олий суд очиқ порталидан олинди.