Тошкентда мактаб ўқувчисини дарвоза босиб қолди

Тошкент шаҳрида 11-синф ўқувчиси футбол майдончасидаги дарвоза тагида қолиб, вафот этди. Бу ҳақда шаҳар прокуратураси маълум қилди.

Воқеа жорий йилнинг 27 сентябрь куни Олмазор туманидаги 134-мактаб спорт майдонида содир бўлган. 133-умумтаълим мактабининг 17 ёшли ўқувчиси соат 20:00 ларда овқатланишга, ундан сўнг 21:00 ва 22:00 лар атрофида 5 нафар синфдоши билан футбол ўйнагани борган. Футбол ўйнаб бўлгандан сўнг кетмоқчи бўлиб туришганда, бола дарвозага осилган. Лекин у мувозанатни ушлай олмай чалқанча йиқилган ва устига дарвоза тушиб, унинг тагида қолган.

Ўқувчилар дарвозани кўтариб, тез ёрдам чақирган ва 40 дақиқада тез ёрдам келган. Бола Тошкент Педиатрия Институтига олиб борилган, бироқ уни реанимацияга олиб кириб кетишаётганда соат 23:45 ларда “Қорин ёпиқ жароҳати, жигар ёрилиши, жигар венаси узилиши, ички қон кетиши, травматик шок”ларининг оқибатида  вафот этган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.