Қозоғистонда АЭС қуриладиган бўлди

Қозоғистонда 6 октябрь куни атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича ўтказилган референдумнинг якуний натижалари эълон қилинди.

Референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга 12 миллион 284 минг 487 нафар фуқародан 7 миллион 820 минг 204 нафари, яъни 63,66 фоизи овоз берган.

Референдумга қўйилган масаланинг ижобий ҳал этилиши учун овоз берган фуқаролар сони 5 миллион 561 минг 937 кишини ёки 71,12 фоизни ташкил этди, деди референдум бўйича Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров.

АЭС қурилишига қарши 2 045 271 киши овоз берган. 130 267 та бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган. АЭС Балхаш кўли бўйида қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳа қиймати 10-15 миллиард долларга баҳоланмоқда. Станцияни қуришда иштирок этиши мумкин бўлган компаниялар орасида Қозоғистон ҳукумати “Росатом”, КҲНП (Жанубий Корея), EDF (Франция) ва China National Nuclear Corporation’ни (Хитой) танлаган.