АҚШ Қозоғистондаги АЭС қурилишида иштирок этмоқчи

АҚШ Қозоғистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича тендерда иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Савдо-саноат палатаси катта вице-президенти Хуш Чокси Олмаотага бизнес ташрифи чоғида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Америка компаниялари атом энергетикасида илғор технологияларга эга ва тендер халқаро иштирокчилар учун очиқ бўлишига умид қилмоқда.

АЭС ҳақида гап кетганда, АҚШ энг яхши технологияларга эга. Биз Америка компанияларига ҳам унда иштирок этиш имконини берадиган очиқ тендер ўтказилишига умид қиламиз, деди Чокси.


Балхаш кўли бўйида қурилиши режалаштирилган АЭС қиймати 10-15 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бироқ қурилиш якунига қадар у 50 фоизга қимматлашиши мумкин.

Бунга инфляция, материаллар нархининг ошиши ва ҳоказолар сабаб бўлади. Жаҳон амалиёти бошқача. Нархларнинг ўсиши 50 фоизгача кузатилган. Аммо шуни таъкидламоқчиманки, бу — тижорат сири, дейди Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр.
Станцияни қуришда иштирок этиши мумкин бўлган компаниялар орасида Қозоғистон ҳукумати “Росатом” (Россия), KHNP (Жанубий Корея), EDF (Франция) ва China National Nuclear Corporation’ни (Хитой) танлаган.

6 октябрь куни Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум ўтказилди. Референдумда қатнашган фуқароларнинг 71,12 фоизи ёқлаб, 28,88 фоизи қарши овоз берган. АЭС бўйича умумхалқ референдумида сайловчиларнинг 63,66 фоизи – 7 миллион 820 минг 204 киши иштирок этган.