Америкалик ва британиялик олимлар оқсиллар соҳасидаги тадқиқотлари учун мукофотланди.
2024 йилги кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинди. Бу йилги мукофот “оқсилни ҳисоблаш дизайни учун” америкалик олим Девид Бейкерга ва “оқсил тузилиши прогнози учун” британиялик Демис Ҳассабис ва Жон Жумперга берилди.
Британиялик олимлар сунъий интеллектдан фойдаланиб, деярли барча маълум оқсилларнинг тузилишини олдиндан башорат қилишга муваффақ бўлишди. Улар яратган AlphaFold2 модели орқали инсон оқсилларининг тузилишини аниқлаш имконияти пайдо бўлди, бу эса биология ва тиббиёт соҳасида улкан ютуқ сифатида баҳоланмоқда.
Девид Бейкер эса бутунлай янги турдаги оқсилларни яратишга қаратилган тадқиқотлари учун мукофотга сазовор бўлди. Унинг гуруҳи Rosetta компьютер дастуридан фойдаланиб, фармацевтика, вакциналар, наноматериаллар ва сенсорлар учун муҳим бўлган оқсилларни яратишга қаратилган ишларини олиб бормоқда.
Нобель мукофотини топшириш маросими Стокгольмда 10 декабрь куни ўтказилади. Бу йили мукофот миқдори 11 миллион швед кронасини (тахминан 1,06 миллион доллар) ташкил этади. Тақдирлаш маросимида Швеция қироли ғолибларга медал ва дипломларни ҳам топширади.
Нобель мукофотига оид бошқа йўналишларда ҳам лауреатлар яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.