Пахта теримига мажбурлаш ҳолатлари назоратга олинади

Ўзбекистонда пахта теримига мажбурлаш билан боғлиқ ҳолатлар Сенатнинг Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди (https://t.me/senatuz/30628).

Ижтимоий тармоқларда пахта йиғим-теримига чиқмаган фуқароларга нафақа пули тўланмаслиги, шу билан бирга мактаб ўқитувчиларини пахта йиғим-терими ишларига чиқаришга мажбурлаш билан боғлиқ хабарлар тарқалмоқда.

“Мазкур ҳолатлар зудлик билан ўрганилади ҳамда масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилади Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия хабарида.
Шу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда 1282 ёки 1092 қисқа рақамларига ёки @munosibmehnat_bot Телеграм боти орқали мурожаат қилиш мумкинлиги билдирилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қатъий қаршилигини, ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилишини ноқонуний ҳолат эканини билдирган.

“Ҳурматли педагоглар, агар сиз ваколатингизга кирмайдиган юмушларга жалб қилинсангиз, зудлик билан вазирликнинг ишонч телефон рақамлари (71) 202-09-09 га қўнғироқ қилинг” дейилади вазирлик вакили эълон қилган хабарда.

Қайд этилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, аниқланган ҳар қандай ноқонуний ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари орқали, албатта, тегишли чора кўрилиши таъминланади.