Сергелидаги омборда содир бўлган портлаш айбдорларига суд ҳукми ўқилди

2022 йилнинг сентябрь ойида Сергели туманида жойлашган “Interlogistics” МЧЖ ҳудудидаги омборхонада ёнғин ва портлаш содир бўлганди. Воқеа натижасида 163 нафар фуқаро жароҳатланиб, бир нафар вояга етмаган фуқаро вафот этганди. Шундан сўнг, ҳолат юзасидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тошкент шаҳар судининг хабар қилишича, бугун, 11 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида мазкур иш кўриб чиқилиб, 4 нафар судланувчига жазо тайинланган.

Суд ҳукми билан “INTERLOGISTICS” МЧЖ ҚК директори Ф.С., қўриқлаш (ҳарбийлашган, ёнғиндан сақланиш, қоровуллик) бошлиғи Ф.А., POLYCHEM” МЧЖ директори С.Б. ва мазкур МЖЧ омбор мудири К.Н. ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тайинланган жазо манзил колониясида ўтаттирилиши белгиланган.

Жабрланганларга етказилган 282 миллиард сўм зарар мазкур икки МЧЖ ва судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.