Россияда мигрантлар учун чекловлар янада кучайтирилди

Иркутск губернатори келаси йилдан бошлаб мигрантларнинг бир қатор ишларда ишлашини тақиқлади.

Россиянинг Иркутск вилояти губернатори Игор Кобзев 2025-йилдан бошлаб хорижий фуқароларни қатор касбларга ишга қабул қилишни тақиқловчи қарорни имзолади.

Унга кўра, келгуси йилдан бошлаб вилоятда хорижликлар шаҳар ва шаҳар атрофи транспорти соҳасида, таксичилик қилиши, дори-дармон ишлаб чиқариши, туризм соҳасида ишлаши тақиқланади.

Бундан ташқари, уларга ёғоч материаллари билан савдо қилиш (ёғоч саноатида ишлаш ҳам), спиртли ичимликлар билан улгуржи савдо қилиш ҳам мумкин эмас.

Қарор баёнига кўра, мигрантлар энди таълим соҳасида ишлай олмайди, шунингдек, кундузги болалар парвариши хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига ҳам эга эмаслар. Бундан ташқари, геология-қидирув ишлари билан шуғулланишлари-да тақиқланади.