«Бу монополия эмас, бу сифатли хизмат кўрсатиш бўлади» — Диний қўмита раиси умра лицензиясининг 1 млн долларлик шартига изоҳ берди

Ҳукумат қарори билан умра зиёратини уюштирадиган фирмалар учун янги талаблар белгиланганди. Талаблар орасида 1 млн доллар миқдордаги маблағни “Зиёрат” жамғармасига захира қилиб қўйиш кўрсатилган.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев лицензиянинг 1 млн долларлик шартига изоҳ берди.

“Хабарингиз бўлса керак, бунга қадар 100 минг доллар қўйиш [мажбурияти] бор эди. Ўшанда 15 мингга яқин фуқаро Саудия Арабистонида қолиб кетди, уларнинг ҳаммаси ҳукумат томонидан олиб келинди. Бу ҳақда бирор марта ёритилмади…

Демоқчиманки, агар 1 миллион доллар реквизитга қўйиладиган бўлса, ҳаво йўлларини 600 доллардан ҳисоблайдиган бўлсак, у ердаги меҳмонхоналар ва бошқа хизматларнинг ҳисобини олсак бу ҳам [1 миллион доллар] минг кишига етяпти. Ўша 15 минг киши билан муаммо бўлганида, қўйилган 100 минг долларга 100 кишини ҳам қайтариб олиб келишга имкониятимиз йўқ эди.

Буни кўпчлик яна монополия, яна қимматлашув, дея нотўғри талқин қиляпти. Бу қимматлашув эмас. Бу сифатли хизмат кўрсатиш бўлади. Мақсадимиз монополия қилиш эмас. Раҳмат дейишимиз керак, олдинлари фуқароларимиз фақатгина йилда икки марта умрага борган. Майли, борсин ҳамма борсин. Лекин сифатли хизмат кўрсатиш бўлиши керак. ”, дейди Содиқжон Тошбоев.