Тошкентда ҳаво ифлослиги туфайли йилига уч мингдан зиёд эрта ўлим ҳолати кузатилмоқда

Жаҳон банки «Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини баҳолаш ва Ўзбекистонда ҳаво сифатини бошқаришни такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси»ни тақдим этди. Ҳужжатда пойтахтдаги ҳаво ҳолати таҳлил қилинган ва ҳаво сифатини бошқариш механизмини миллий даражада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Тошкент ҳавосини асосий ифлослантирувчилардан бири диаметри 2,5 микрон (PM2,5) бўлган қаттиқ майда дисперс заррачалардир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) уларни аҳоли саломатлиги учун энг хавфли ифлослантирувчилардан бири деб ҳисоблайди. Глобал мониторинг билан шуғулланувчи IQAir портали маълумотларига кўра, Тошкент Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб шаҳарлари сингари мунтазам равишда ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлган шаҳарлар рўйхатига киритилган.

Ҳаво сифатини бошқариш жараёни маҳаллий, миллий ва минтақавий даражада биргаликдаги, комплекс ва тармоқлараро саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган жиддий муаммо эканлиги таъкидланмоқда.

2024 йил май ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги турар жойлардаги атмосфера ҳавоси сифати учун ЖССТ тавсияларига мос келадиган янги PM2,5 стандартини қабул қилди. Бу ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазиятни яхшилаш йўлидаги муҳим қадам бўлди, дейилади ҳужжатда.

Асосий ифлослантирувчи моддалар

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида PM2,5 заррачаларининг концентрацияси, айниқса, қиш ойларида юқори бўлиб, халқаро меъёрлардан анча баланд. Пойтахтда ифлосланишнинг ўртача йиллик даражаси ЖССТ тавсия этган даражадан (6 мкг/м3) 6 баравар юқори. Бу эса аҳоли саломатлигига ҳам, шаҳар иқтисодиётига ҳам жиддий зарар етказмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳаво ифлосланишининг зарари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,7 фоизини ташкил этиши мумкин.

Тошкентдаги PM2,5 ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари – бу иситиш сектори (28%), транспорт (16%) ва саноат (13%). Тошкент шаҳридаги антропоген PM2,5 ташламаларининг умумий йиллик ҳажмининг 18 фоизини қурилиш ишлари натижасида ҳосил бўлган шаҳар чанги ва йўл чанги ресуспензияси (илгари йўл юзасида ўрнашиб қолган майда чанг заррачаларининг ҳавога қайта кўтарилиши жараёни) ташкил этади.

Қиш мавсумида тижорат ва турар-жой биноларини иситишдан келиб чиқадиган ифлосланиш устунлик қилади, ёзда эса трансчегаравий ифлослантирувчи моддалар, хусусан шамол билан кўчиб юрувчи чанг (барча PM2,5 ифлосланишининг 36 фоизи) сезиларли «ҳисса» қўшади.

Транспортдан чиқаётган газлар йил давомида анча барқарор. Шу билан бирга, ёз ойларида шаҳар чангининг чиқиндилари қишкига қараганда юқори бўлиб, бу қурилиш фаолиятининг фаоллашуви ва йўл чангининг юқори резпензияси билан боғлиқ. Йилнинг турли ойларида саноат чиқиндиларининг умумий эмиссиялардаги улуши нисбатан доимий.

Тошкентдаги тунги максимумлар, шунингдек, аралашиш баландлиги паст бўлган куннинг маълум вақтлари билан боғлиқ – бу хусусият ифлосланишнинг тўпланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, эрталабки соат 8-10 оралиғида кузатиладиган PM2,5 концентрациясининг энг юқори даражасига эрталабки транспорт ҳаракати ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Шаҳар ҳудудидан ташқаридаги уй-жой секторидан ташламаларнинг юқори даражаси марказлаштирилган иссиқлик таъминотининг йўқлиги билан изоҳланади, бу эса уй хўжаликларини индивидуал иситиш манбаларидан фойдаланишга мажбур қилади. Экология вазирлиги маълумотларига кўра, шаҳар ҳудуди атрофида жойлашган иссиқхоналар ҳам иситиш учун кўмирдан фойдаланади. Бу эса қаттиқ ёқилғи (кўмир, биомасса) шаҳар атрофидаги турар-жой ва тижорат биноларини иситиш учун кенг қўлланилаётганлигини дала кузатувлари ҳам тасдиқлайди.

Берилаётган қурбонлар

Таҳлиллар PM2,5 нинг ўртача йиллик концентрацияси Тошкент шаҳри ҳудудидаги ячейкаларнинг 39 фоизида ЖССТнинг биринчи оралиқ мақсадли кўрсаткичидан (35 мкг/м3) пастни қайд этган. Бироқ, бу ячейкаларда шаҳар аҳолисининг атиги 17 фоизи яшайди, яъни Тошкент аҳолисининг 83 фоизи 1 кв км майдонда ҳаво ифлосланиши юқори бўлган ва саломатликка жиддий таъсир кўрсатадиган ячейкаларда яшайди.

Тошкент шаҳрида PM2,5 нинг ўртача йиллик 38,8 мкг/м3 концентрацияси таъсирида юзага келган эрта ўлим йилига 3042 тани ташкил этган афсус билан қайд этилмоқда. Ҳавонинг ПМ2,5 билан ифлосланиши билан боғлиқ бўлган бевақт ўлим ҳолатларининг аксарияти инсульт (33%), юрак ишемик касаллиги (28%) ва пастки нафас йўллари инфекциялари (23%) билан боғлиқ.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси PM2,5 ифлосланишининг йиллик ўлимга таъсиридан ташқари, ушбу тадқиқотда шаҳарда PM2,5 ифлосланиши билан боғлиқ ўлим ва касалланишнинг иқтисодий таъсири баҳоланди.

ИҲТТ томонидан тавсия этилган ўртача ҳаёт қиймати кўрсаткичларидан фойдаланган ҳолда ва касалланиш билан боғлиқ харажатлар ўлим билан боғлиқ харажатларнинг 10 фоизини ташкил қилади, деган тахминни илгари сурган ҳолда, муаллифлар Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг PM2,5 ифлосланиши билан боғлиқ ўртача йиллик иқтисодий харажатларни 488,4 миллион долларга баҳоламоқда. Бу Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 0,7 фоизига тенг.

Нималар таклиф этилмоқда?

Ҳисоботда стандартлар ва меъёрий ҳужжатларни янгилаш, ҳаво сифатини бошқариш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун мувофиқлаштирувчи механизмни яратишни ўз ичига олган ҳаво сифатини яхшилаш бўйича «йўл харитаси» таклиф этилган. Шунингдек, саноат, транспорт ва иситиш тармоқларида ташламаларни қисқартириш чоралари таклиф этилди.

Иситиш соҳасида ҳавонинг ифлосланишини камайтиришга ёқилғи сифатини яхшилаш, биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ва экологик тоза энергия манбаларига ўтиш орқали эришиш мумкин. Жаҳон банки энергия тежамкор ечимларга ўтиш учун уй хўжаликларига, айниқса, заиф оилаларга молиявий ёрдам кўрсатишни тавсия қилади.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш, экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳаво ҳолатини сезиларли даражада яхшилаш ва аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш имконини беради.

Ҳисобот Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида тайёрланди. У Марказий Осиё мамлакатларида ҳаво сифати бўйича тадқиқотлар сериясининг бир қисми бўлиб, минтақа ҳукуматлари билан мулоқотга кўмаклашиш, шунингдек, ушбу соҳада ҳамкорлик ва билим алмашинувини ривожлантиришга қаратилган.

Шаҳруза САТТОРОВА

Манба: Оила ва Табиат газетаси